Линклар

Шошилинч хабар
07 июн 2025, Тошкент вақти: 00:56

"Uzbek problem". Футбол мухлислари дуч келган муаммонинг илдизи қаерда?


Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари. Архив.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари. Архив.

Ўзбекистон – БАА ўйинини кўришга ва ўз жамоасини қўллаб-қувватлашга борган ўзбек футболи мухлислари Абу-Даби аэропортида бир неча соат ушлаб турилди. Муаммо консуллик даражасидаги музокаралар билан ҳал этилди.

Бу ҳолат амирликларда ўзбекларга нисбатан ярим йилдан ошиқ вақтдан бери давом этаётган текширувларнинг яна бир кўриниши бўлди.

"Айбимиз ўзбек бўлганимизми?"

5 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан муҳим ўйин ўтказади.

2 июнда ўз жамоасини ўйин майдонида қўллаб-қувватлаш мақсадида Абу-Дабига борган ўзбекистонлик мухлисларнинг БААга кириши осон кечмади. Улардан айримлари аэропортда бир неча соат ушлаб турилгани ҳақида тармоқларга видеомурожаат эълон қилишди.

“Саккиз соатдан бери паспортимизни олиб, ушлаб ўтиришибди. Ўзбек бўлганимиз учун... Ҳеч қанақа савол беришмайди. Сабабини тушинтиришмайди. Агар шу ерда Европанинг ёки Американинг фуқаролари бўлганда, уларнинг элчилари, менимча, бошқача гаплашган бўларди. Бизникилар шунчаки телефонни кўтаришмайди. Мана, ўтирибмиз, ҳеч ким ҳеч нарса егани йўқ. Сабабини сўрасак, “Uzbek promlem” дейишяпди. Қанақа проблема? Айбимиз ўзбек бўлганимизми?” – деган йигит уларнинг барчаси Самарқанддан учиб келганини таъкидлаган.

Хабарларга кўра, шундай ҳолат 1 июнда ҳам қайд этилган. Тошкент–Шаржа рейси билан келган ўзбекистонликлар орасида аёллар ва ёши катталар назорат масканидан тезроқ ўтказилган бўлса, эркаклардан қўшимча ҳужжатлар талаб қилинган: анкета тўлдириш, меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи маълумотлар, қайтиш чиптасининг нусхаси.

Мухлислар орасида ўзбекистонлик журналистлар ҳам бўлган. Уларнинг айтишича, аэропортда 100дан зиёд одам ушлаб турилган. Ҳолат тармоқларда кескин муҳокама қилина бошлагач, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, буни БААда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан изоҳлади.

“Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда” – деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурхонов. БАА томонидан ҳозирча шарҳ берилмаган.

2 июнда тушдан кейин ўзбекистонликларга паспортлари қайтарилиб, ўлкага киришга рухсат берилган. Тармоқларда миллий кийимларда, футболчиларни қўлловчи ҳайқириқлар билан тантанали равишда аэропортдан чиқиб бораётган ўзбеклар тасвирга олинган видео тарқади.

Ўйинни томоша қилиш учун БААга 4 июнда ҳам бир гуруҳ ўзбекистониклар отлангани, аэропортдан муаммосиз ўтгани ҳақида Озодликка Самарқанддан учаётган мухлислар хабар беришди.

Айни пайтда БААда яшаётган ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда “фаоллар полицияга чақиртирилиб, футбол пайтида тартиб сақлаш ва қонун-қоидаларга риоя қилиш зарурлиги уқтирилгани” ҳақида ёзишмоқда. Айрим изоҳларда уларга "ўйин майдонига бормаслик, мухлислик қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берилгани" айтилади. Озодликда ҳозирча БАА полицияси билан боғланиб, бу ҳолат юзасидан расмий муносабат олиш имкони йўқ.

Бундан ташқари, ўзбек маҳаллий матбуоти БААда яшаш ҳуқуқини берган гувоҳнома - ID картаси бор ўзбекларнинг ўйинни кўриш учун сотиб олган чипталари бекор қилингани ҳақида ёзди. Маълумотларга кўра, уларнинг электрон почтасига "чипталар яроқсизлиги, пуллар 5-10 кун ичида қайтирилиши" ҳақида хабар келган. Сабаби расман тушиндирилмаган бу ҳолат ҳам футбол фанатлари орасида норозиликларга сабаб бўлди.

FIFA қоидасига кўра, мезбон давлат рақиб жамоага стадионнинг камида 10% ажратиши керак. Ҳозирча бунга FIFА муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистонлик журналист, таниқли спорт шарҳловчиларидан бири Жамолиддин Бобожонов маҳаллий радиоларнинг биридаги чиқишида шундай деди:

“Амирликларга борганларга, борадиганларга ўша жойнинг қонун-қоидаларига бўйсунишни тавсия қиламан. Айниқса, Араб давлатларида сизга нисбатан қилинаётган ишнинг сабаби тушинтириб берилмайди. Кеча бир нечта ҳамкасбимизни ҳам аэропортда ушлаб туришди. Сабабини тушинтиришмади. Тушинтиришмайди. Буни улар ўзларининг мажбурияти деб ўйлашмайди. Ҳақ-ҳуқуқ талаб қиламан десангиз, қўшимча муаммолар туғилиб қолиши мумкин”.

Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида Ўзбекистон ҳозир ўз гуруҳида 17 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўринда — Эрон термаси.

Агар БААга қарши учрашувда Ўзбекистон ғалаба қозонса, ёки камида дуранг натижа қайд этилса, жамоа жаҳонга чиқиш имкониятини кафолатлайди. Жуда бўлмаганда, 10 июнда Тошкентда ўтадиган Ўзбекистон-Қатар ўйинида ютиши керак.

БАА терма жамоаси ҳам Осиё минтақасида кучли рақиблардан бири. Улар 1990 йилда Жаҳон чемпионатида қатнашган ва кейинги йилларда Осиё Кубогида юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Текширувлар яна қанча давом этади?

2024 йилнинг ноябрида Абу-Дабида исроиллик раввин Цви Коганни ўлдиришда айбланган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олиниб, суд уларни ўлим жазосига ҳукм қилган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги судланувчиларни апелляция қилиш имкони мавжудлигини эслатганди.

Бу воқеадан кейин Ўзбекистон фуқароларининг БААга киришида, ишлашида ва виза олишида муаммолар бошланган. 25 ноябрда Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбекларни полиция ушлаб кетган. Кейинроқ уларнинг айримлари қўйиб юборилгани, баъзилари депортация қилингани, яна 5 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлган. Бу каби воқеалар бошқа шаҳарларда ҳам кузатилган.

Жорий йилнинг апрелида Дубайда одам ўлими билан якунлангании айтилган оммавий муштлашув Ўзбекистондан борган жиноий гуруҳлар ўртасида юз бергани хабар қилинган. Бунинг натижасида, "БАА Ўзбекистон билан ўртадаги визасиз режимни қайта кўриб чиқиши мумкин", деган маълумотлар тарқалган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бўлиб ўтган воқеани қисман тасдиқлаб, “хориждаги ўзбекларни юртдошларнинг шаънига доғ туширмасликка” чақирган баёнот билан чиққан.

Маҳаллий ахборот воситалари 25 апрелда Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга Абу-Даби ва Дубай орқали қайтаётган 9 киши муаммога дуч келганини ёзган.

Швецияда фаолият юритувчи ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова ойлар давомида ҳал этилмаётган ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлайди:

“Бу консуллик даражасида ҳал қилинадиган масала эмас. Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги бунга аралашиши, муносабат билдириши, расмий ноталар билан БАА ҳукуматига мурожаат қилиши лозим. Чунки гап оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳақида кетмоқда. Бир нечта одамнинг иши деб бутун ўзбек ҳалқини айблаш - адолатдан эмас”.

Ўзбекистон билан БАА ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланиши жараёни. Абу Даби, 2025 йил 15 январи (Президент матбуот хизмати фотоси).
Ўзбекистон билан БАА ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланиши жараёни. Абу Даби, 2025 йил 15 январи (Президент матбуот хизмати фотоси).

2025 йил 15 январида Абу-Дабида Ўзбекистон ва БАА ўртасида стратегик шериклик тўғрисида декларация имзоланган. Расмий маълумотларда бу ҳужжат икки давлат алоқаларининг янги босқичга кўтарилганининг далили экани айтилган. Аммо кузатувчиларга кўра, амалдаги воқеалар, айниқса, аэропортлардаги текширувлар, ушбу ҳамкорликнинг оддий ҳалқ ҳаётида қандай акс этаётганига оид саволлар туғдирмоқда.

Ҳозирда БААда ишлаётган ва ўқиётган ўзбекистонликлар сони ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ. Аммо Дубайдаги фаоллар тахминига кўра, улар 100 минг атрофида.

Форум

XS
SM
MD
LG